(Go: >> BACK << -|- >> HOME <<)

Jump to content

Зебуннисо бегим

Ушбу мақола яхши мақолалар сарасига киради.
From Vikipediya
Зебуннисо бегим
форсча: زیب‌النسا

Зебуннисо бегим портрети. Ҳозирда Ню Ёркдаги Метрополитен-музейда (Тҳе Метрополитан Мусеум оф Арт) сақланади
Таваллуди 15-феврал 1638-йил
Шоҳжаҳонобод (ҳозирги Деҳли)
Вафоти 26-май 1702-йил(1702-05-26)
(64 ёшда)
Фуқаролиги Бобурийлар давлати
Касби шоира, маърифатпарвар, мусиқачи
Дини ислом, суннийлик
Турмуш ўртоғи турмушга чиқмаган
Отаси Аврангзеб
Онаси Дилрасбону бегим
Зебуннисо бегим Викиомборда

Зебуннисо бегим (форсча: زیب‌النسا; 1638-йил 15-феврал — 1702-йил 26-май; Шоҳжаҳонобод, ҳозирги Деҳли[1]) — шоира, маърифатпарвар. Бобурийлар сулоласидан Аврангзебнинг қизи. Онаси Дилрасбонунинг шажараси Сафавийларга ва Бобурнинг қизи — Гулбадан бегимга бориб тақалади. „Махфий“ тахаллуси билан ижод қилгани тахмин қилинади[⇨].

Зебуннисо бегим ҳаёти ва ижоди ҳақида Барелий, Шерхони Лудий, Ҳакимхон тўра каби тарихчи ва тазкиранавис олимлар асарларида маълумотлар келтирилган[⇨].

У етти ёшида Қуръонни тўлиқ ёд олган, кейинчалик фалсафа, мантиқ, юлдуз илми, тарих, фиқҳ фанларини яхши ўзлаштирган, настаълиқ, насъҳ, шикаста хатларини маҳорат билан ёзган, бир неча марта ҳуснихат билан Қуръонни кўчирган[⇨].

Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур асарларини ўрганиб, шеъриятга бўлган ихлоси ошган, атрофидаги шоир ва олимларига турли таржималар, қўлёзмаларни кўчиришни буюртма қилган, уларни маош билан таъминлаб келган. Зебуннисо бегимнинг кутубхонаси ўз даври кутубхоналари ичида энг каттасидир[⇨].

Малика бобосининг истагига кўра ўз амакиваччаси Сулаймоншукуҳ билан унаштирилган. Амакиваччаси вафот этгач, умрининг охирига қадар бошқа турмуш қурмаган[⇨].

Исми[edit | edit source]

Зебуннисо бегимнинг исми форсча „زیب“ — „Зēб“; арабча „гўзаллик“ ёки „зеб-зийнат“ ва арабча „نساء“ — „Нисса“ яъни аёллар деган маънони англатади, арабчада „Зебуннисо“ — „барча аёлларнинг энг гўзали“ деган маънони беради[2].

Таржимайи ҳоли[edit | edit source]

Ёшлик йиллари[edit | edit source]

Зебуннисо бегим 1638 ёки 1643-йилда Шоҳжаҳонобод (ҳозирги Деҳли) шаҳрида туғилган. У туғилган даврда отаси – бобурий шаҳзода Аврангзеб Оламгир (1618–1707) Шоҳ Жаҳон салтанатининг шаҳзодаси ва Декан вилоятининг ҳокими эди[3]. Зебуннисонинг ёшлик даври мураккаб, зиддиятли воқеаларга бой бўлган. У 19 ёшидаёқ кўплаб аянчли воқеаларга гувоҳ бўлган. Аврангзеб тахт учун курашда акаси Дорошукуҳни енгиб Деҳли тахтини эгаллаган (1658), укаси Муродбахшни аввал қамаб, кейин бошини олдириб, касалманд отаси Шоҳ Жаҳонни уй қамоғида сақлаган. Бошқа укаси Шоҳ Шужо Бирма тупроқларига қочиб кетиб, қароқчилар қўлида ўлим топган[3]. Ўз ўғли Акбарни тахтни эгаллашга интилишда айблаб уй қамоғида сақлаган[4].

Аврангзеб тўнғич фарзанди Зебуннисо бегимни жуда яхши кўрган, баъзида у билан маслаҳатлашиб иш кўрган[5]. Аммо кейинроқ, шаҳзода Акбар билан зиддиятга бориб, Зебуннисони ҳам у билан ҳамфикрликда айблаган ва Деҳлидаги Салимгарҳи (Асиргарҳ) қўрғонидан ташқарига чиқармаган[4][6].

Шоиранинг ҳаёти ва ижоди ҳақидаги маълумотлар Барелий („Тазкираи шоироти урду“ – „Урду шоирларининг тазкираси“), Шерхони Лудий („Мирот ул-хаёл“ – „Хаёл ойнаси“), Ҳакимхон Ҳожи Муҳаммадхон („Мунтахаб ут-таворих“ – „Танланган тарихлар“) ва бошқа тарихчи ва тазкиранавис олимлар асарларида учрайди[4].

Таълими[edit | edit source]

Зебуннисо бегим ёшлигида Ҳафиза Марям Бону қўлида савод чиқарган[7]. Уч йилда Қуръонни тўлиқ ёд олиб, етти ёшида ҳофизалик даражасига эришган[8]. Бундан хабар топган Аврангзеб ўша кунни давлат байрами деб эълон қилиб, катта тўй-у томоша ташкиллаштирган, ҳарбийлар ҳам байрам қилган, камбағалларга пул улашилган, байрам муносабати билан давлат идоралари икки кун ишламаган[9]. Шунингдек, Аврангзеб малика Зебуннисога 30 000 олтин танга ҳадя қилган[10], унинг севимли қизини ҳофиза қилган Ҳафиза Марям Бонуга ҳам 30 000 олтин танга ва „ҳурматли устоз“ мартабасини берган[11].

Хусрав Деҳлавий, Алишер Навоий, Бобур асарларини синчиклаб ўрганган, уларга ҳавас қилиб шеърлар машқ қилган[4]. Қизида шеър ва шоирликка қизиқишни сезган Аврангзеб, ўзининг шоирликка ихлоси йўқлиги, сарой ва мактабларда Ҳофиз Шерозий асарларини ўқишни тақиқлаган бўлишига қарамай, қизи учун истисно қилиб, бутун Ҳиндистон, Кашмир ва Форс бўйлаб кўзга кўринган шоирларни топишни ва Деҳлига таклиф қилишни буюрган[9]. Ўша даврнинг машҳур олимлари ҳисобланган Мулло Муҳаммад Ашраф Исфахоний ва Мулло Жевонни Зебуннисо бегимга муаллим қилиб тайинлаган[12]. Бу олимларнинг тарбиясида Зебунисо бегим шоира, танбур чертувчи созанда, олима ва хаттот[13] бўлиб етишган[7][14]. Кейинчалик, Зебуннисо бегим илоҳиётга оид бир асар ёзиб, уни шу устози Мулло Муҳаммад Ашраф Исфахонийга бағишлаган[14].

Зебуннисо бегим фалсафа, математика, астрономия[15], мантиқ, фиқҳ, тарих фанларини ҳамда форс ва араб тилларининг морфология ва синтаксисини (сарфу наҳв) яхши ўзлаштирган. У настаълиқ, шикаста ва насъҳ хатларини маҳорат билан ёза олган. Ҳуснихат билан бир неча марта Қуръонни кўчирган[7]. Қуръонга тафсир ёзмоқчи бўлган, лекин отаси бунга қаршилик қилган[9].

Ҳомийлиги[edit | edit source]

Зебуннисо бегимнинг Абаниндранат Тагор томонидан чизилган сурати.
Кўзгуда ўз аксини кўраётган Зебуннисо бегим ва унинг канизаклари.

Зебуннисо бегимнинг шахсий кутубхонаси ҳам ўз даври кутубхоналарининг энг йириги ҳисобланган. У шоирлар, олимлар ҳамда санъат аҳлларини ўз атрофида тўплаб, улар учун маош тайинлаган ва уларга ғамхўрлик қилган. Шеърий асарлар ёзган адиблар, қўлёзма кўчирган ҳаттотларни молиявий қўллаб-қувватлаган[15]. Ўз замонида илм ва санъатнинг ривожланишига таъсир кўрсатган. Шунинг учун ҳам айрим тарихчилар унинг шахсига юқори баҳо берганлар. Жумладан, „Олами Ислом“ тазкирасида „Зебунисо бегим отаси ҳукмдорлик билан қозона олмаган шуҳратни илм ва одоб билан қозонган“, деб ёзилган[7][14].

Зебуннисо бегим тарихда соф қалбли, муҳтожларга ёрдам берувчи шахс сифатида қолган. У беваларга, етим-есирларга ёрдам берган, ҳар йили одамларни Макка ва Мадинага ҳаж сафарига юборган. Бундан ташқари, Зебуннисо бегим мусиқа билан ҳам шуғулланган, манбаларда қайд этилишича, маҳорат билан қўшиқ ҳам куйлаган[16].

Шахсий ҳаёти[edit | edit source]

Зебуннисо бегим билан унаштирилган амакиваччаси – Сулаймоншукуҳ (1635—1662)

Зебуннисо бегим бобоси Шоҳ Жаҳоннинг истаги билан амакиваччаси Сулаймоншукуҳ (Дорошукуҳнинг ўғли) билан унаштирилган[17]. Лекин бу иш Аврангзебга ёқмаган[9]. Манбаларда келтирилишича, Аврангзеб акаси Дорошукуҳга қарши исён қилиб, тахтни эгаллагани сабабли тўй қолдирилган[18] Сулаймоншукуҳ 1662-йилда асирликда вафот этган, бу пайтда Зебуннисо бегим 24 ёшда бўлган[6].

Эрон шоҳи Аббос ИИ нинг ўғли Мирзо Фарруҳ ҳам Зебуннисо бегимга турмуш қуриш таклифини билдирган[17]. Зебуннисо бегим мактуб ёзиб, уни Деҳлига чақирган. Деҳлидаги боғда Мирза Фарруҳ ва Зебуннисо (юзида парда билан) учрашишган, учрашувда шаҳзода Фарруҳ форсчада ўпишиш маъносини ҳам берувчи ширинлик номини айтиб сўз ўйини қилган, Зебуннисо эса „истаган нарсангизни ошпазларимиздан сўранг“, деб жавоб берган. Зиёфатдан сўнг Зебуннисо отасига бу йигитга турмушга чиқмаслигини айтган[9].

Кўплаб шаҳзодалар, амирзодалар, бекзода ва йирик мулкдорлар Зебуннисо бегимга уйланиш таклифини билдиришган, лекин Зебуннисо бегим уларнинг ҳеч бирига унамаган[5]. Умрининг охирига қадар турмушга чиқмаган[19].

„Мунтаҳаб-ут таворих“ асарида ёзилишича, Зебуннисо бегим опасиникига меҳмонга борганида опасини тўлғоқ тутиб, қаттиқ азобланаётганини кўрган. Шунда у — жуфтликнинг оқибати шу бўлса, оламдан тоқ ўтганим бўлсин, — деб аҳд қилган[14].

Шиважи[edit | edit source]

Ҳиндистон тарихида ўзига хос из қолдирган, Маратҳалар давлатига асос солган Шиважи (1627/30—1680) Бобурийлар давлатига қарши урушларда мағлубиятга учраб, ўзига қарашли бўлган 35 қалъадан 23 тасини топширади. 1666-йил Аврангзеб Шиважини пойтахт Аграга асир сифатида олиб келтирган. Саркарда Шиважини кўрган Зебуннисо бегим отасига юзланиб, агар Шиважи ислом динига эътиқод қила бошласа, унга турмушга чиқишини айтган. Бу таклифга Шиважи рози бўлмаган[20].

Оқилхон Розий[edit | edit source]

Зебуннисо бегим ҳаёти ёритилган кўплаб тарихий ва бадиий асарларда малика Оқилхон Розий исмли шоиртабиат йигит билан ишқий муносабатда бўлганлиги келтирилади. Розийнинг ўлими ҳақида бир қатор манбаларда турлича фикрлар ёзилган[5][21].

Манбалардан бирида айтилишича, 1662-йил Аврангзеб бир касалга чалинганида табиблар унга ҳаво алмаштириши кераклигини айтишган. Шунда у оиласи ва сарой аъёнлари билан Лоҳур шаҳрига бориб жойлашган. Бу вақтда Лоҳурни шоҳ вазирларидан бирининг ўғли Оқилхон Розий бошқарган[22]. Лоҳурда учрашиб, бир-бирларини ёқтириб қолишган, бир-бирларига ишқий мисралар ёзиб туришган, кейинроқ, улар Деҳлида, боғда учрашиб турганларида Аврангзеб боғга кириб келади. Қиз ва йигит дарҳол яширинишга чоғланадилар. Шоҳнинг ғазабидан қўрққан Оқилхон Розий беркиниш учун панароқ жой излаб, боғнинг чеккасидаги зиёфатлар учун ҳозирлаб қўйилган дошқозон ичига кириб, устидан қопқоқни ёпиб олади. Буни сезган шоҳ Аврангзеб тўғри келиб қопқоқнинг устига чиқиб олади ва баковулни чақириб, қозон тагида олов ёқишни буюради. Олов ёқилиб, қозон қизийди қозон ичидан ҳеч қандай овоз эшитилмайди аммо куйган ҳид билан тутун чиқади. Аврангзеб қопқоқдан тушиб, қопқоқ очилганида қозон ичида Оқилхоннинг куйган жасади кўринади[9]. Бу воқеа бўлиб ўтгани аниқ тасдиғини топмаган[23], лекин шоҳ Аврангзеб бу йигитни ўзига куёв қилишдан ор қилиб, уни қатл қилдирган деган тахминлар бор[24].

Зебуннисо бегим портрети.

„Тазкирати шоироти урду“ асарида Оқилхон Розий қатл қилиниши вақтида Зебуннисога атаб бир ғазал ўқигани ёзилган[25].

„Маосири Оламгирий“ асарида келтирилишича, танҳоликда умр кечириш йўлини (гўшанишинлик) танлаган Оқилхон Розийга 9000 рупий миқдорида нафақа тайинланган[21].

Эронда чоп этилган „Ҳунар ва мардум“ журналида Оқилхон Розий Аврангзебнинг етти вазиридан бири сифатида тасвирланган. Унда ёзилишича, Зебуннисо бегим Оқилхон Розийни ёқтириб қолади. Бир куни улар махфий тарзда учрашиб аҳду-паймон қиладилар. Сўнг доимий равишда бир-бирларига мушоира тарзида шеърлар ёзиб сўзлашадилар. Бу гапдан хабар топган Аврангзеб ғазабланади лекин миш-мишлар рост ёки ёлғонлигини текшириб кўришни истайди. Шу сабабли етти вазирини бир кеча-кундуздан саройда навбатчилик қилишини талаб қилади ва Оқилхон Розийнинг ортидан кузатувчи қўяди. Оқилхон шоҳнинг мақсадини англаб, ўзини касалликка солади ва Зебуннисо бегим билан учрашувга чиқмайди[19].

Уй қамоғида сақланиши ва ўлими[edit | edit source]

Зебуннисо бегимнинг саройи. Аврангобод. 1880-йил олинган расм

Манбаларда Зебуннисо бегимнинг уй қамоғида сақланишига доир турли фикрлар мавжуд. Айрим манбаларга кўра, Оқилхон Розий билан қизининг муносабатларидан норози бўлган Аврангзеб Зебуннисо бегимни Салимгарҳи саройида тутқунликда сақлаган[26].

Бошқа манбаларда Зебуннисо бегимнинг уй қамоғида сақланишига унинг ўта эркин фикрли шоиралиги ва мусиқачилиги сабаб бўлганлиги ёзилади, унинг бу хусусиятлари ўта диндор бўлган отасининг қарашларига мос келмаган[27][28].

Яна бошқа манбаларга кўра, Зебуннисо бегимнинг тутқунликда сақланишига унинг 1681-йилда Аврангзебга қарши бош кўтарган шаҳзода Акбарни (Зебуннисо бегимнинг укаси) қўллаб-қувватлаб, унга хат ёзиши сабаб бўлган. Зебуннисо бегим уй қамоғига ташлангач, унинг бор бойлиги мусодара қилинган, унга ажратиладиган 4 лакх миқдоридаги нафақа ҳам тўхтатилган. Зебуннисо бегим вафотига қадар Салимгарҳи саройида уй қамоғида яшаган[29].

Шоҳжаҳонобод шаҳридаги Салимгарҳи саройида 20 йиллик уй қамоғида сақланган Зебуннисо бегим 7 кун давом этган хасталикдан сўнг вафот этган. Унинг вафот йили айрим манбаларда 1701-йил, айримларида 1702-йил деб ёзилган[29][30].

„Олами Ислом“ асарида ёзилишича, маликанинг вафотига бағишлаб форс тилида, абжад ҳисобида қуйидаги ғазал битилган:

Оҳ, Зебуннисо ба ҳукми қазо,
ногаҳон аз нигоҳ махфий шуд.
Манбаи илм-у фазл ва ҳусн-у жамол,
Ҳамчу Юсуф бачоҳ Махфий шуд.
Соли таърих аз ҳирад жустам,
гуфт ҳотиф ки моҳ Махфий шуд.

Мазмуни: „Оҳ, Зебуннисо қазо ҳукми билан ногаҳон кўздан яширинди. Илм-у фазл ва ҳусн-у латофат манбаи Юсуф каби чоҳга яширинди. Вафот йилини ақлдан қидирдим, ғойибдан ой яширинди, деган овоз келди“. Тадқиқотчилар шу абжад ҳисобига кўра Зебуннисо бегимнинг вафот йилини ҳижрий 1113, милодий 1702-йил деб қабул қилганлар[31].

Агра яқинидаги Акбар мақбараси, Зебуннисо бегимнинг ҳоки шу мақбара ёнига кўчирилган.

Зебуннисо бегим Деҳлидаги „Зарзарий“ қабристонига (бошқа манбада „Ўттиз минг дарахт“ боғи[32]), Низомиддин Авлиё ва Амир Хусрав Деҳлавий қабри ёнига дафн этилган[4][19]. Кейинчалик, темир йўл вокзали қурилиши муносабати билан қабристоннинг бир қисми бузилган. Зебуннисо бегимнинг ҳоки Агра яқинидаги Искандария (Сикандра) мавзесида жойлашган Акбар мақбарасининг кириш қисмидаги дахмалардан бирига қайта кўмилган[33][32].

Қабри бошқа жойга кўчирилгунича Зебуннисо бегимнинг Деҳлидаги қабртошида ўзининг қаламига мансуб ушбу байт ёзилган бўлган:

Бағайри сабза напўшад касе мазори маро,
Ки қабрпўши ғарибон ҳамин гиёҳ бас аст.

Мазмуни: „Менинг қабрим устини ўт-ўландан бошқа ҳеч нарса қопламасин, ғариблар қабрини ёпмоқ учун шу гиёҳнинг ўзи етарли“[34].

Зебуннисо бегимнинг мақбараси Покистоннинг Лоҳур шаҳрида деб ёзилган манбалар ҳам бор лекин олимлар у мақбаранинг Зебуннисо бегимга тегишлилигига шубҳа қиладилар[35].

Ташқи кўриниши[edit | edit source]

Манбаларда Зебуннисо бегимнинг ташқи кўриниши „узун бўйли, қомати келишган, танаси оқ рангда, юмалоқ юзли, чап яноғида иккита холи бўлган, кўз қорачиқлари ва сочи қуюқ қора, лаблари ингичка, тишлари кичкина“ деб таърифланади. Покистондаги Лоҳур музейида Зебуннисо бегимнинг шу таърифга мос портрети сақланади. Одми услубда, оқ рангли кийим кийган, унинг ягона безаги – бўйнига илинган марварид мунчоғи бўлган[9].

Зебуннисо бегим туркистонлик аёллар киядиган кийимни Ҳиндистон шароитига мослаб кийган (ангя курти) ва уни урфга киргизган биринчи аёл сифатида ҳам эсланади[9][16].

Ижоди[edit | edit source]

* * *

 Зулфи ҳалқа-ҳалқа-у, кўзи қаро бу ердадир,
 Боқиши шафқатли-ю, нозик адо бу ердадир.
 
 Киприги ханжар, карашма тиғу кўз ташлаш яшин,
 Гар шаҳид бўлмоқчи эрсанг, Карбало бу ердадир.
 
 Берса ҳам жаннатни, алданма кишилар сўзига,
 Бир қадам майхонадин жилмаки, жо бу ердадир.
 
 Каъбага бормоқ не ҳожатдир, агар дил овласанг,
 Беҳуда йўллар кезар бу халқу, жо бу ердадир.
 
 Ҳуснига бошдин-аёқ боққанда ҳар бир нуқтадин,
 Дилни тортиб, ҳар карашма дерки: жо бу ердадир.
 
 Изладим бир-бир жаҳонда ҳар неча бўлса китоб,
 Кўрдиму хаттингни дедим: муддао бу ердадир.
 
 Истасанг ҳуснинг закотини берарга мустаҳиқ,
 Келки, бу Зебуннисо янглиғ гадо бу ердадир.
 

Форсчадан М. Муинзода таржимаси[36].

Зебуннисо бегимнинг шоира сифатида камолотга етишида саройдаги муҳит, акаси Аъзамшоҳнинг адабиётга қизиқиши, саройда бўлиб турадиган мушоиралар ҳам таъсир кўрсатган. У саройда Мирзо Абдулқодир Бедил билан мушоиралар қилган, Бедилнинг ёлғиз қизини тарбиялаб, камолга етказган[4].

Мамлакатдаги нотинч ҳаёт, тож-у тахт учун биродаркушлик курашларининг авж олиши шоира дунёқарашини тубдан ўзгартиради, бу унинг асарларида ҳам ўз аксини топади. Зебуннисо бегим жодида ижтимоий-фалсафий фикрлар ўрин ола бошлайди. У ҳаққонийлик, рўстгўйликни тарғиб қилади, фирибгарлик, алдамчиликдан нафратланади. Бир ғазалида „Берса ҳам жаннатни, алданма кишилар сўзига“, деб ёзади. Зебуннисо бегим ижодининг айрим томонлари Бедил фалсафасига ўхшаш. У инсоннинг гўзаллиги — унинг қилган яхшиликларида, меҳнати орқали инсониятга келтирган фойдасида, деб билади[4].

Зебуннисо бегим форс ва араб тилларида ижод этган. Дастлаб тасаввуф фалсафаси ва илоҳиётга оид „Мунис ул-арвоҳ“ („Арвоҳларнинг содиқ дўсти“) ҳамда „Зеб ут-тафосир“ („Гўзал тафсирлар“) асарларини ёзган[4].

Зебуннисо бегимнинг адабий мероси бизгача тўлиқ етиб келмаган[37]. Унинг ижодидан ҳозирги кунгача 8000 мисрадан иборат бир девон, беш таржеъбанд, бир мухаммас ва етти қасида етиб келган. Зебуннисо қаламига мансуб деб ҳисобланадиган „Девони Махфий“ Ҳиндистон, Покистон ҳамда Афғонистонда бир неча бор қайта нашр қилинган. Бу девон 1958-йил Тожикистонда „Мажмуаи шеърҳо“ номи билан чоп этилган[4]. Зебуннисо бегимнинг „Инжост“ радифли ғазали „Самарқанд ушшоғи“ қўшиғининг асосига айланган[38].

Зебуннисо бегимнинг кўплаб ғазалларини Д. Муҳаммадқулов ва М. Муинзода форс тилидан ўзбек тилига тажрима қилишган[4].

„Кобул“ журналининг 1922-йил чоп этилган 10-сонида Зебуннисо ҳақида шундай маълумотлар ёзилган: „Зебуннисо бегимнинг чиройли бир девони бўлган. Яна тасаввуф фалсафасига оид „Мунис ул-арвоҳ“ асари ҳам бор. Тафсир соҳасида 769 варақли „Зеб ат-тафсир“ни („Гўзал тафсирлар“) ёзди. Бундан ташқари илоҳиётга доир „Зеб ан-нашаот“ номли асар ёзиб, уни устози хотирасига бағишлади. Ҳиндистон мусулмонлари орасида дастуруламал бўлиб қолган „Фатавойи оламгирий“ („Шариат қонунлари мажмуаси“) асарини форс тилига таржима қилдирди“[5].

1724-йилда, яъни Зебуннисо бегим вафотидан бир неча йил ўтиб, унинг шеърлари „Девони Махфий“ номи билан бир китоб ҳолига келтирилган. Девонда 421 ғазал ва 4 рубоий бўлган. 1730-йилда бу девонга бошқа ғазаллар ҳам қўшилган. Бу девон Ҳиндистон ва Форсда кўплаб нусхада қўлёзма тарзида кўчирилган, айрим нусхалар безакдорлиги билан ажралиб турган[9].

„Махфий“ тахаллуси[edit | edit source]

Баъзи манбаларда Зебуннисо бегим „Махфий“ (форсча: مخفی) тахаллуси билан ижод қилгани таъкидланса[4][39], айрим манбалар буни кескин рад этади[40]. Шунга кўра, Зебуннисо ижодига оид деб қараладиган „Девони Махфий“ ҳам Зебуннисо бегимнинг эмас, балки унинг саройида яшаб ижод этган бир нечта шоир ва шоираларнинг ижод маҳсули экани айтилади[41].

„Тазкираи хавотин“ асари муаллифи ҳам Махфий Зебуннисо бегим эмас, унинг хизматкори, деб таъкидлаган[40]. XIX асрда яшаган тарихчи Ҳакимхон тўра ўзининг „Мунтахаб ут-таворих“ асарида шоира Махфий аслида Шоҳ Жаҳон даврида хизмат қилган саркарда Шерафканнинг хотини — Нурижаҳон бегим эканини ёзган[42]. „Махфий“ тахаллуси билан ижод қилган яна бир аёл — Ҳумоюннинг набираси Салима бегим[43].

Афғонистонда чоп этилган „Кобул“ журналининг бош муҳаррири вазифасини бажарувчи Ғулом Жилонихон 1934-йилда „Махфий“ тахаллуси хусусида фикр юритиб, Зебуннисо бегим „Махфий“ тахаллуси билан шеър ёзмаган, „Девони Махфий“ бир нечта эркак ва аёл шоирларнинг ижодий тўпламидир, деган фикрни олға сурган[41].

Мероси[edit | edit source]

Малика Зебуннисо бегим канизаклари билан.

Зебуннисо бегим томонидан Лоҳурда қурдирилган Чорбуржи (Тўрт минорали) боғининг девор ва дарвозалари ҳозиргача сақланиб қолган[44].

Хотираси[edit | edit source]

XX асрда ўзбек шоири Уйғун „Зебуннисо“ номли песа ёзган[45]. Марказий Осиё республикаларида, хусусан Ўзбекистон ва Қирғизистон театрларида Зебуннисо бегимга бағишланган саҳна асарлари намойиш этилган[46][47].

Ўзбекистон ва Тожикистоннинг бир қанча шаҳарларида „Зебуннисо“ номида кўчалар[48][49][50], мактаб ва боғчалар мавжуд[51][52][53]. Душанбе шаҳрида „Зебуннисо“ номидаги кинотеатр фаолият юритади[54].

Аждодлари[edit | edit source]

Зебуннисо бегимнинг аждодлари
Акбар
Жаҳонгир
Марям уз-Замоний
Шоҳ Жаҳон
Удай Сингҳ
Жагат Госаин
Манранг Деви
Аврангзеб
Мирзо Ғиёсбек
Абулҳасан Асафхон
Асмат бегим
Мумтоз Маҳал бегим
Ғиёсиддин Али Асафхон
Диванжи Бегим
Зебуннисо бегим
Султон Ҳусайн
Мирзо Рустам
Бадиуззамон Мирзо
Дилрасбону бегим
Мирзо Ғиёсбек
Мирзо Муҳаммад Шариф
Асмат бегим
Наврўзбону бегим

Асарлари[edit | edit source]

Манбалар[edit | edit source]

  1. Сир Жадунатҳ Саркар. А шорт ҳисторй оф Аурангзиб, 1618–1707. Ориэнт Лонгман, 1979 — 14 бет. 
  2. Саркар, Жадунатҳ. Студиэс ин Аурангзиб'с Реигн, Тҳирд, Сангам Боокс Лиметед, 1989 — 90 бет. ИСБН 9780861319671. 
  3. 3,0 3,1 Файзиев 1994, с. 32.
  4. 4,00 4,01 4,02 4,03 4,04 4,05 4,06 4,07 4,08 4,09 4,10 „Зебуннисо бегим“, Ўзбек совет энсиклопедияси: 4-жилд (Деҳнав — Индустрия). Тошкент: „Ўзбек совет энсиклопедияси“ Бош редаксияси, 1973 — 640 бет. 
  5. 5,0 5,1 5,2 5,3 Файзиев 1994, с. 34.
  6. 6,0 6,1 Юлдашев 2022, с. 190.
  7. 7,0 7,1 7,2 7,3 Файзиев 1994, с. 33.
  8. Лал & Wестброок 1913, с. 8.
  9. 9,0 9,1 9,2 9,3 9,4 9,5 9,6 9,7 9,8 „Тҳе Диwан оф Зеб-ун-Нисса: Интродуcтион“. саcред-техц.cом.
  10. Сир Жадунатҳ Саркар. Ҳисторй оф Аурангзиб: Маинлй басед он Персиан соурcес, Волуме 1. М.C. Саркар анд Сонс, 1912 — 69 бет. 
  11. Раман, Систа Анантҳа. Wомен ин Индиа А Соcиал анд Cултурал Ҳисторй. Либрарй оф Cонгресс Cатологинг –ин – Публиcатион Дата, 2009 — 10 бет. ИСБН 978-0-275-98242-3. 
  12. Мирса, Рекҳа. Wомен ин Мугҳал Индиа. Мунширам Маноҳарлал, 1967 — 90 бет. 
  13. Ҳади, Наби. Диcтионарй оф Индо-Персиан Литературе. Индира Гандҳи Натионал Cентер фор тҳе Арц, Шакти Малик Абҳинав Публиcатионс, Тара Чанд Сонс, 1995 — 638–639 бет. ИСБН 81-7017-311-6. 
  14. 14,0 14,1 14,2 14,3 Жалолов 1970, с. 14.
  15. 15,0 15,1 „WИСЕ: Муслим Wомен: Паст анд Пресент – Зебунниса“. 2011-йил 27-декабрда асл нусхадан архивланган. Қаралди: 2012-йил 2-сентябр.
  16. 16,0 16,1 Натҳ 1990, с. 163.
  17. 17,0 17,1 Натҳ 1990, с. 150.
  18. Жоурнал оф тҳе Ресеарч Соcиэтй оф Пакистан, Волуме 12. Ресеарч Соcиэтй оф Пакистан. 1975. п. 26. 
  19. 19,0 19,1 19,2 Файзиев 1994, с. 37.
  20. Юлдашев 2022, с. 191–192.
  21. 21,0 21,1 Юлдашев 2022, с. 191.
  22. Лал & Wестброок 1913, с. 14.
  23. Файзиев 1994, с. 34–35.
  24. Файзиев 1994, с. 36.
  25. Файзиев 1994, с. 35.
  26. Лал & Wестброок 1913, с. 17.
  27. Анниэ Криэгер Крйниcк; Энжум Ҳамид. Cаптиве Принcесс; Зебунисса, Даугҳтер оф Эмперор Аурангзеб. „Тҳе боок револвес ароунд Принcесс Зебунисса (1638–1702) wҳо ис дефинед ас тҳе сймбол оф фемале поwер оф тҳе Мугҳал дйнастй анд портрайс тҳеир статуре ин тҳе cоурт лифе ин тҳе севентеэнтҳ cентурй...Фор ҳер тҳе наме сигнифиэд а лифе драматиcаллй суппрессед, cут офф фром тҳе wорлд. Ҳер мйстериоус анд унехпеcтед имприсонмент ис алсо десcрибед ин тҳис боок: Зебунисса'с фате чангед драстиcаллй wҳен ше wас сент то присон бй ҳер фатҳер Аурангзеб, wҳере ше диэд леавинг а ландмарк неар тҳе Ред Форт оф Делҳи.“ 
  28. „Мемориэс оф Фергҳана“ (2005-йил 22-май). — „МУСИC анд данcе? Бут wасн'т тҳат '‘унИсламиc'’ ин а cоунтрй cелебратинг ан Исламиc ревивал, И'д тҳоугҳт баcк тҳен, ас И тwирлед ат ан Узбек соиреэ ат Коканд ин тҳе Фергҳана Валлей. Мй ҳостесс ҳад снатчед уп а даф (дафли ин Индиа) анд wас данcинг слоwлй то а сад Персиан сонг бй Зебуниса 'Макҳфи', ан Узбек-Тажик фавоурите. Ше wас а принcесс оф Делҳи виа Фергҳана; Аурангзеб'с даугҳтер, wҳом ҳе жаилед фор 20 еарс ин Салимгарҳ, нехт то тҳе Ред Форт, беcаусе оф ҳер Суфи сймпатҳиэс. Аурангзеб ҳад киллед мусиc ин ҳис реалм. Зебуниса'с воиcе санг ин ҳер анcестрал ҳомеланд, тҳоугҳ лост то Делҳи.“. Қаралди: 2009-йил 31-май.
  29. 29,0 29,1 Мисра, Рекҳа. Wомен ин Мугҳал Индиа. Делҳи: Мунширам Маноҳарлал, 1967 — 51 бет. ИСБН 9788121503471. ОCЛC 473530. 
  30. Смитҳ, паул. Макҳфи Тҳе принcесс Суфи Поэт Зебуннисса. Боок Ҳеавен, 2012 — 25 бет. ИСБН 978-1480011830. 
  31. Файзиев 1994, с. 38.
  32. 32,0 32,1 Раза Руми. ДЕЛҲИ БЙ ҲЕАРТ: Импрессионс оф а Пакистани Травеллер. ҲарперCоллинс Публишерс Индиа, 10 Май 2013. ИСБН 978-93-5029-998-2. 
  33. Юлдашев 2022, с. 193.
  34. Жалолов 1970, с. 17.
  35. Модерн Либрариан. Пакистан Либрарй Ассоcиатион, 1930 — 100 бет. 
  36. Жалолов 1970, с. 35.
  37. „Зебуннисо бегим“. Қомус инфо. Қаралди: 14-январ 2024-йил.
  38. Шерматов, Саттор (2019). „Зебуннисо зийнати“. Жаҳон адабиёти. № 12.
  39. Лал & Wестброок 1913, с. 20.
  40. 40,0 40,1 Жалолов 1970, с. 19.
  41. 41,0 41,1 Жалолов 1970, с. 24–25.
  42. Жалолов 1970, с. 20.
  43. Жалолов 1970, с. 21.
  44. „Чаубуржи Гате, Лаҳоре, Пакистан“. Асиан Ҳисториcал Арчитеcтуре wебсите. Қаралди: 2020-йил 12-ноябр.
  45. Мирвалиев, С.; Шокирова, Р.. Ўзбек адиблари. Тошкент: Ғафур Ғулом номидаги адабиёт ва санъат нашриёти, 2016. 
  46. „Вновь на сцене известная поэтесса Зебуннисо“. УзА. Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги (2022-йил 21-март). Қаралди: 14-январ 2024-йил.
  47. „Ўзбек ва қирғиз халқлари дўстлиги янада мустаҳкамланади“. УзА. Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги (2023-йил 24-апрел). Қаралди: 14-январ 2024-йил.
  48. „Улицы Ташкента: Зебонисо“ (русча). моигород.уз. Мой город (2010-йил 25-июн). Қаралди: 11-март 2024-йил.
  49. „Компании и организации на ул. Зебунисо, Самарканд“. голденпагес.уз. Голден Пагес. Қаралди: 11-март 2024-йил.
  50. „улица Зебуниссо“. яндех.ру. Қаралди: 11-март 2024-йил.
  51. „Гимназия "Зебунисо"“. мино.тж. Қаралди: 11-март 2024-йил.
  52. „Зебуннисо“. яндех.ру. Қаралди: 11-март 2024-йил.
  53. „"Зебинисо" номли 22-сонли умумий о'рта та'лим мактаби“. стацнет.cо. Стацнет. Қаралди: 11-март 2024-йил.
  54. „Зебуннисо“. яндех.ру. Қаралди: 11-март 2024-йил.

Адабиётлар[edit | edit source]

  • Лал, Маган; Wестброок, Жессиэ Дунcан. Тҳе Диwан оф Зеб-ун-Нисса. Лондон: Жоҳн Муррай, 1913. 
  • Натҳ, Ренука. Нотабле Мугҳал анд Ҳинду wомен ин тҳе 16тҳ анд 17тҳ cентуриэс А.Д., 1. публ. ин Индиа., Неw Делҳи: Интер-Индиа Публ., 1990. ИСБН 9788121002417. 
  • Юлдашев, Ботир. Бобурий маликалар. Тошкент: Очун, 2022 — 208 бет. ИСБН 978-9943-6805-9-3. 
  • Жалолов, Тўхтасин. Ўзбек шоиралари. Тошкент: Ғафур Ғулом номидаги бадиий адабиёт нашриёти, 1970 — 344 бет. 
  • Файзиев, Турғун. Темурий маликалар. Тошкент: Абдулла Қодирий номидаги халқ мероси нашриёти, 1994 — 40 бет. 

Ҳаволалар[edit | edit source]