Ширбудун саройи

Ушбу мақола хушсифат мақолалар сарасига киради.
From Vikipediya
Ширбудун саройи

Ширбудун саройининг дастлабки Прокудин Горский томонидан олинган рангли суратлари. 1911-йил.
Муқобил номлари Ширбудун саройи
Ширбудун чорбоғи
Умумий маълумот
Мақоми тарихий обида
Тури сарой
Манзили Ширбудун маҳалла фуқаролар йиғини
Шаҳар Бухоро
Мамлакат Ўзбекистон
Қурилиши бошланган 1870-йил
Бузилган сана тахм. 1930-йилдан бузилиш бошланган
Техник ҳолати
Материал пишган ғишт, ёғоч, ганч
Қаватлар сони 2
Дизайн ва конструксия
Меъмор Иброҳим Ҳафизов
Қурувчи Раҳим Ҳаётов, Абдурасул
Ширбудун саройи Викиомборда

Ширбудун саройи — Бухоро амирларининг сиёсий қароргоҳларидан бири. Сарой Бухоро амирлигида ҳукмронлик қилган Амир Музаффархон (1860–1885) ва Амир Абдулаҳадхон (1885–1910) даврларида қуриб битказилган[1][2].

1870-йилларда Ширбудун атрофида дурезгар Абдурасул, ганчкор (гилкор) уста Раҳим Ҳаётов ва бошқа усталар иштирокида сарой, масжид, ҳовуз, томошагоҳ каби бинолар қурилган. Бино ташқи кўринишида Эрон ва Европа архитектураси белгиларини мужассамлаштирган[1]. Саройдан, асосан, элчиларни кутиб олиш, ярмаркалар ва турли хил сайллар ўтказилишида фойдаланиб келинган. 

Ширбудун саройи Европа дизайнига хос мебеллар ҳамда қандиллари билан ажралиб турган. Бухоро амири Амир Абдулаҳадхон ҳукмронлик қилган даврда мажмуа учун қўшимча хоналар ва кўнгилочар зал қурилган[2]. Сарой бугунги кунга қадар сақланиб қолмаган.

Этимологияси[edit | edit source]

Ширбудун сўзи Шербудин, Ширбадан тарзида талаффуз қилиниб, бу сўзлар маъно жиҳатдан бир-биридан кескин фарқ қилади. Ширбадан сўзи форс тилида Шир — сут, бадан — тана деган маънони билдиради. Ширбудун сўзи эса шир халқи ёки элати маъноларини англатади. Шир, чир, сир каби номлар қадимги туркий халқлардан бирининг номланиши бўлиб, бу Сир будун, яъни „сир қавми“, „сир халқи“ маъноларида келади[3].

Тарихи[edit | edit source]

Ширбудун саройи Бухоро амирлигида ҳукмронлик қилган Амир Музаффархон (1860–1885) ва Амир Абдулаҳадхон (1885–1910) даврида қурилган. 1870-йилларида Ширбудунда ганчкор (гилкор) уста Раҳим Ҳаётов, дурезгар Абдурасул ва бошқалар иштирокида сарой, масжид, томошагоҳ каби бинолар қурилган[1]. Сарой тахминан Бухоро регистонидан 3 верст ёки 4 км узоқликда жойлашган бўлиб[1], у Янги Бухоро йўлида баланд девор билан ўраб олинган[4]. Амир Музаффархон саройда нуфузли меҳмонлар ва элчиларни кутиб олишдан ташқари тўйлар, халқ сайллари, турли тадбирлар ўтказиб келган. Сайлларда 500 тагача чодирлар қурилиб, унда турли ярмаркалар ўтказилган[5]. Таржимон газетасида келтирилган маълумотларга кўра, 1897-йил 9–15-март кунлари сарой боғида байрам ташкил этилиб, у турли томоша ва ўйинлар билан бирга кечган[6].

Бухоро амирлиги саройи тарихчиси Мирза Абдулазим Сомий „Манғит султонлари тарихи ёки Бухоро хонлигининг инқирози“ асарида шундай ёзади:

Қудратли амир (Бухоро амири Амир Абдулаҳадхон) ҳижрий 1303-йилда (1885–1886) ўз шуҳратли отасининг ўрнига Бухоро амирлиги тахтига ўлтириб, аждодларига ўхшаб азаматлик ва ҳукмронлик гиламида ҳамда мана ўн йилга яқин, ҳукмронлик қилмоқда. У вақтининг кўп қисмини Бухорода, аркда, Ширбудин ва Ситораи Моҳи Хосса чорбоғларида ўтказади[7].

Муҳамад Али Балжувоний „Тарихи Нофейи“ асарида Бухоро амирлиги ҳукмдорлари сарой ва чорбоғлари ҳақида:

Ҳукмдорлар саройда дам олиш учун аъёнлари билан бирга келган. Қарши, Шаҳрисабз, ва Бухоро туманларда ҳам хос жойлар бисёрдир. Ҳар хил чорбоғлар ясатилган ва қасрлар бошқа жойларда ҳам бор[8].

Садриддин Айний ўзининг „Эсдаликлар“ида Ширбудун саройи ва чорбоғи тўғрисида шундай ёзган:

Ширбадандаги асосий сайлгоҳ амир чорбоғи олдидан ўтадиган катта йўлнинг икки томонида жойлашганди. Шаҳардан бораётганда чап тарафда атрофи девор олинган майдон бор эди, уни чил таноби дейишарди, унинг катта дарвозаси бор. Бу ўраб олинган майдонда жоме масжиди, чавки (базм майдонлари) ва томошахоналар жойлашганди, майдоннинг бундан бўлак жойларини қассоблар ва ошхоналар эгаллаган. Бу майдоннинг охиридан дарвоза орқали катта йўлга чиқиларди, бу ернинг жануб тарафида амир боғининг дарвозахона йўли ва боғ дарвозаси томонда айвон бўларди, мазкур ерни халқ аҳли томоша қиларди[9].

Ширбудун саройига Европадан мебеллар, қандиллар ва бошқа жиҳозлар келтирилган. Амир Музаффархондан кейинги ҳукмдор Амир Абдулаҳадхон даврида саройни қуриш билан боғлиқ фаолият давом эттирилган. Бухоро амири Амир Абдулаҳадхон даврида мажмуада бир нечта сарой хоналари ва кўнгилочар зал қурилган[2].

Мажмуа 1920–1924-йилларда Бухоро Халқ Совет Республикасининг Зироат нозирлиги ихтиёрига ўтказилган[10][11]. Ширбудун саройи ва бино ўрни бугунги кунга қадар сақланиб қолмаган. Сарой ҳудудида боғ янгидан барпо этилган ва 1960-йилларда боғ ҳудудида Бухоро вилояти сув хўжалиги биноси қурилган. СССР қулаб Ўзбекистон мустақилликка эришганидан сўнг, боғдаги ушбу бино маҳалла фуқаролар йиғинига топширилган[11].

Меъморчилиги[edit | edit source]

Ширбудун саройидаги амир тахти ўрнатилган зал. Прокудин Горский томонидан олинган рангли сурат. ХХ аср бошлари.

Ширбудун саройи деворлари баландлиги 10 метр бўлиб, у айлана шаклидаги пахса девор билан ўраб олинган. У бошқа саройлар сингари, текис томлар, атиргул буталари, мевали дарахтлар, ажойиб боғлардан таркиб топган. Мажмуа биноларининг бир қисми ёғоч, бир қисми эса ғишт билан қурилган[4].

Ширбудун саройи бир қанча кичик араб-форс услубида безатилган хоналардан иборат бўлган. Баъзи хоналар деворий суратлар билан безатилган. Сарой хоналарида медалёнлар ичидаги наққошлик намуналари шарқ услубида безатилган. Шунингдек, ойнали хона ҳам мавжуд бўлиб, унинг баландлиги 4 арш, деворлари эса ҳошиясиз ойналар билан ўралган. Хонага франсуз гилами тўшалган ва шифтида франсуз бронзасидан ишланган қандил осилган. Сарой хонаси ўртасидаги гумбаз араб услубидаги нақшлар билан безатилган ва олтин суви юритилган[12].

Саройда бир нечта ҳовличалар марказида оқ мармардан фавворали ҳовузлар бўлган[13]. Қароргоҳда амирнинг элчиларни кутиб олиши учун қабулхонаси бўлиб, турли нашқлар билан безатилган ва жиҳозланган, хона балкони эса ёғоч устунлар билан ўралган. Қабулхонанинг тўрида амир тахти жойлашган бўлиб, бу тахт Россия императори томонидан совға қилинган. Барча хоналарга қимматбаҳо гиламлар тўшалган[4].

Ширбудун саройи турли хил безаклар, хусусан, ёғочдан ясалган устунлар, верандалар ва чиройли балкончалар билан безатилган. Саройда, шунингдек, ҳарам, ҳовуз, ҳаммомлар, кенг гумбазли хоналар, фавворалар ва ички ҳовли атрофида боғлар бўлган[4].

Галерея[edit | edit source]

Манбалар[edit | edit source]

  1. 1,0 1,1 1,2 1,3 Ремпель 1981, с. 151.
  2. 2,0 2,1 2,2 Шубинский 1892, с. 118.
  3. Сайфуллаева 2010, с. 9.
  4. 4,0 4,1 4,2 4,3 Оле 1911, с. 558.
  5. Ремпель 1981, с. 63.
  6. Абдирашидов 2011, с. 233.
  7. Мирза Абдулазим Сомий 1990, с. 146.
  8. Муҳаммад Али Балжувоний 2001, с. 36.
  9. Айний 1966, с. 201.
  10. Бухоро ахбори 1923, с. 7.
  11. 11,0 11,1 Бақоев 2021, с. 79.
  12. Дмитриева-Кавказского 1894, с. 93.
  13. Дмитриева-Кавказского 1894, с. 94.

Адабиётлар[edit | edit source]

Илмий адабиётлар[edit | edit source]

  • Ремпель Л.И. Далёкое и близкое. Ташкент: Издательсва литературы и искусства имене Гафура Гуляма, 1981 — 304 бет. 
  • Сайфуллаева Р, Менглиев. Ҳозирги ўзбек адабий тили. Тошкент: Фан ва технологиялар, 2010 — 200 бет. 
  • Абдирашидов З. Аннотированная библиография Туркестанских материалов в газете Таржуман, Токио, 2011 — 232 бет. 

Тарихий манбалар[edit | edit source]

  • Мирза Салимбек. Тарих-и Салими (Источник по истории Бухарского эмирата). Перевод с персидского Н. К. Норкулова. Ташкент: Академия, 2009 — 330 бет. 
  • Муҳаммад Али Балжувоний. Тарихи нофеий. Тожик тилидан таржима, сўз боши ва изоҳлар муаллифлари Ш. Воҳидов, З. Чориев.. Тошкент: Академия, 2001 — 122 бет. 

Эсдаликлар[edit | edit source]

  • Дмитриева-Кавказского Л.Э. По Cредней Азии Записки Художника. C-Петербургъ: Издание А.Ф. Девриена, 1894 — 116 бет. 
  • Е.Маркова. Россия въ Средней Азии; Очерки путешествия по Закавказью, Туркмении, Бухарҍ, Самаркандской, Ташкенской и Ферганской областямъ, Каспийскому морю и Волгҍ, C-Петербургъ, 1901 — 531 бет. 
  • Оле Олуфсен. Тҳе Эмир оф Бокҳара анд ҳис cоунтрй ; Жоурнейс анд студиэс ин Бокҳара (Wитҳ а чаптер он мй вояге он тҳе Аму даря то Кҳива). Гйлдендалске Богҳанел, Нордиск Форлаг Cопенҳаген Лондон: Wиллиам Ҳеинеманн, 1911 — 599 бет. 
  • К. Баэдекер. Руссиа wитҳ Теҳеран, Порт Артҳур, анд Пекинг; Ҳандбоок фор травелерс. C-Петербургь: Лондон, 1914 — 810 бет. 
  • Айний С. Асарлар саккиз томлик ВИИ том „Эсдаликлар“ ИВ кисм. Тожик тилидан Абдулла Хакимов таржимаси. Тошкент: Бадиий адабиёт нашриёти, 1966 — 240 бет. 

Илмий мақолалар[edit | edit source]

  • Шубинский П.П. Очерки Бухарҍ // Историчиский вҍстникъ. Томъ Л. — C-Петербургъ: Типография А.С.Суворина.
  • Ширбудун саройи зироат назоратига // Бухоро ахбори. — Бухоро.
  • Мирза Абдулазим Сомий. Манғит султонлари тарихи ёки Бухоро хонлигининг инкирози. Форс-тожик тилидан Илхом Султонов таржимаси; Шарк юлдузи журнали. — Тошкент.
  • Бақоев У. Бухоро амирининг Ширбудун саройи. „Имом Бухорий сабоқлари журнали“. — Тошкент.