Миф

From Vikipediya

Миф (юнонча. митҳос — афсона, ривоят, асотир) — қадимги одамнинг борлиқ олам ҳақидаги ибтидоий тасаввурлари мажмуи бўлиб, коинотнинг яратилиши, инсон, ўсимликлар ва ҳайвонот дунёсининг вужудга келиши, самовий жисмларнинг пайдо бўлиши, табиий ҳодисаларнинг сабаблари ва моҳияти, афсонавий қаҳрамонлар, маъбудлар ва илоҳлар тўғрисидаги эътиқодий қарашларни ўз ичига олган. Миф қадимги одамнинг воқеликка бўлган онгсиз ҳиссий муносабати ифодаси бўлиб, табиат ва жамият ҳаётининг турли қирралари моҳиятини тушунтирувчи энг қадимги тасаввурлар силсиласидир. Мифологик тасаввурлар муайян воқелик моҳиятини хаёлий уйдирма воситасида изохласада, миф яратилган ва оммалашган жойида ўз ижодкори ва ижрочилари томонидан ҳақиқатда бўлиб ўтган воқеалар баёни сифатида қабул қилинган. Қадимги одамнинг олам ҳақидаги тасаввурларини ўзида ифодалаган ва авлоддан авлодга етказишга мўлжалланган мифларнинг оммалашиш усуллари ҳам турлича бўлиб, асосан, жонли оғзаки ижро орқали, яъни сўз воситасида ҳикоя қилиб берилган. Мифологик тасаввурлар тизими ибтидоий удум ва маросимларнинг мағзини ташкил этувчи рамзий хаттиҳаракатлардан иборат ритуал ўйинлар сифатида ҳам намойиш қилинган. Қадимги тасаввурлар асосида яратилган осори атиқалар ҳамда халқ ҳунармандчилиги буюмларидаги рамзий чизгиларда ҳам мифик сюжетлар акс эттирилган. Мифлар қуйидаги турларга бўлинади: 1) ибтидо ҳақидаги мифлар (оламнинг яратилиши ва ерда ҳаётнинг пайдо бўлиши тўғрисидаги мифлар); 2) самовий мифлар (осмон жисмлари ва табиат ҳодисаларининг пайдо бўлиши ҳақидаги мифлар); 3) антропогеник мифлар (ғайриоддий ҳислатга эга бўлган афсонавий паҳлавонлар, масалан, Геракл, Гилгамеш, Одами Од, Ҳубби ва бошқа ҳақидаги мифлар); 4) сиғиниш мифлари (муайян эътиқодий ишончлар билан боғлиқ, масалан, хреилдорлик, сув, ўсимлик, оловга сиғиниш ҳақидаги мифлар); 5) этногенетик мифлар (уруғқабилаларнинг келиб чиқиши билан алоқадор мифлар; масалан, 92 ўзбек уруғларининг пайдо бўлиши ҳақидаги миф); 6) календар мифлар (йил, ой, кун ҳисоби билан боғлиқ мифлар, масалан, аямажуз, аҳмандаҳман, чилла, тўқсон ҳисоби билан боғлиқ мифлар); 7) эсхатологик мифлар (оламнинг институтиҳоси ҳақидаги, масалан, охирзамон тўғрисидаги миф). Эзгулик кучларининг зулматни ўзига макон қилган ёвузликка қарши курашини ўзида акс эттирган қадимги мифлар бадиий тафаккурнинг шаклланишида муҳим рол ўйнаган. Воқеликни эстетик категория сифатида идрок этиш ҳамда бадиий сўз воситасида талқин қилиш анъанаси келиб чиққач, қадимги мифларнинг асосий қисми сўз санъатининг турли жанрларига сингиб кетган. Ўзбек халқ оғзаки бадиий ижодиётидаги кўплаб эпик сюжет ва анъанавий мотивларнинг генетик илдизлари бевосита мифик тасаввурлар қатламига бориб тақалади. Мифлар „Авесто“, „Илиада“, „Рамаяна“, „Шоҳнома“, „Калевала“, „Алпомиш“, „Гўрўғли“ каби адабий ёдгорликларнинг яратилишида ҳам салмоқли ўрин тутган.[1][2]

  1. Мелетинский Е. М., Поэтика мифа, М., 1976; Стебл и н — Каменски й М. И., Миф, Л., 1976; Мифи народов мира. В двух томах, М., 1991; Жўраев М., Шомусаров Ш., Ўзбек мифологияси ва араб фолклори, Т., 2001.
  2. ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил