(Go: >> BACK << -|- >> HOME <<)

Москва мэрлигига номзод Алексей Навальний беш йилга қамалди

Алексей Навальний суд залида © Газета.uz / РИА Новости. Илья Питалев

Киров шаҳрининг Ленин тумани суди пайшанба куни мухолифатчи Алексей Навальнийни беш йилга озодликдан маҳрум қилиш ҳақида ҳукм чиқарди. Бу ҳақда, Россиянинг «РИА Новости» ахборот агентлигига асосланиб, «Газета.uz» интернет-нашри хабар бермоқда.

У «Кировлес» ширкати мулкини талон-тарож қилишда айбдор деб тан олинди ва суд залида ҳибсга олинди. Навальний жазо муддатини умумий режимдаги колонияда ўтказади. Жиноий иш бўйича иккинчи айбланувчи – Пётр Офицеровни суд тўрт йилга ҳукм қилди. Судланувчилардан 1 миллион рубль миқдоридаги зарар ундириб олинди.

Алексей Навальний ва Пётр Офицеров Россия Жиноят кодексининг 160-моддаси бўйича (ўзлаштириш ёки талон-тарож қилиш) бўйича айбланмоқда, унга кўра айбланганлар 10 йилгача озодликдан маҳрум этилиши мумкин. Суд қарори қонуний кучга киргунича Навальний тергов изоляторида сақланади.

Навальний бир кун аввал Москва мэрлигига номзод сифатида рўйхатдан ўтказилган эди. Навальнийнинг сайлов штаби берган маълумотга кўра, унинг номзоди сайловлардан олинган.

Навальнийга нисбатан ҳукм эълон қилинганидан сўнг, кунни 0,5 фоиз оралиғидаги ўсиш билан бошлаган Россия фонд бозорлари, тушдан сўнг, пасайишни бошлади.

Россиялик мухолифатли Алексей Навальнийнинг озодликдан маҳрум этилиши пайшанба куни жаҳон оммавий ахборот воситаларидаги бош мавзуга айланди.

© 2013 Kun.uz
Ахборотдан фойдаланганда Kun.uz’га манба кўрсатиш шарт.